Ўзбекистон Футбол федерацияси футзал, аёллар футболи ва соҳил футболини ривожлантириш, хусусан мураббийларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, миллий чемпионатларни ташкил этиш ва ўтказиш устидан назоратни ўз қўлига олди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар қилди.

Футзал ассоциацияси ҳамда Аёллар ва соҳил футболи ассоциацияси тугатилди. Футбол федерацияси ва Профессионал футбол лигаси бўлим ва бошқармаларида футзал, соҳил футболи ва аёллар футболи бўйича мутахассислар лавозимлари таъсис этилди. Республика олий маҳорат спорт мактаби қошида мазкур соҳа бўйича мураббийлар гуруҳи фаолият бошлади.

Футзал, аёллар ва соҳил футболи ПФЛ спорт бўлимига киритилиб, Футбол федерацияси раҳбарлиги остида фаолият кўрсатади.