Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 6 октябрдаги қарори билан Лифтлар хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлади, дея хабар қилди Norma.uz.

Ҳужжат талаблари юк кўтариш қобилияти 40 кг дан бошланган электр ва гидравлик лифтларга тааллуқли. Бироқ у фойдали қазилмалар қазиб олинувчи шахталар, сузувчи ва парвоз қилувчи, шунингдек ҳарбий мақсадлар учун мўлжалланган махсус техникаларда фойдаланилувчи тишли-рейкали ёки винтли механизмларга эга лифтларга тегишли эмас.

Регламентга мувофиқ, лифтларни монтаж қилиш, фойдаланишга топшириш, мунтазам кўрикдан ўтказиш ва техник хизмат кўрсатиш, шунингдек техник текширувдан ўтказиш ишларини лифт эгаси бажаради. У лифтдан белгиланган мақсадларда фойдаланиш устидан ҳам назоратни амалга оширади.

Лифтларни монтаж қилиш, таъмирлаш ва фойдаланишга топшириш билан ихтисослашган ташкилотлар шуғулланади. У бир йилда энг камида бир марта лифтларни техник текширувдан ўтказиб, бу ҳақда лифт паспортига тегишли қайдларни киритади.

Агарда лифт паспортида хизмат кўрсатиш муддати кўрсатилмаган бўлса, хизмат кўрсатиш муддати фойдаланишга топширилгандан 25 йил деб ҳисобланади. Фойдаланиш муддати тугагандан сўнг «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси рухсати билангина ундан фойдаланишга рухсат берилади.

Регламент 2018 йил апрелдан кучга киради. Унга қадар «Саноатгеоконтехназорат» лифтлардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаши лозим.