Собиқ Иттифоқдан сўнг тез-тез рақобатга киришган, баҳсли чегараларга эга Марказий Осиё бугун бу ерда ўн йиллар давомида кузатилмаган аввалги келишмовчиликларни ҳал этиш ва ҳамкорликнинг янги даражасини ўрнатиш сари интилмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашрининг 5 октябрдаги сони эълон қилинган мақолада сўз боради. Мақоланинг қисқа таржимаси «Жаҳон» АА томонидан эълон қилинди.

Муаллиф Ярослав Трофимов Марказий Осиё аҳолисининг 45 фоизи истиқомат қилаётган ва минтақанинг барча мамлакатларига кучли таъсир кўрсатиш имкониятига эга Ўзбекистоннинг янги минтақавий қарашлари ўзгаришларнинг асосий ва ҳаракатлантирувчи кучи эканини таъкидлайди.

Мақолада Марказий Осиёни ўзбек дипломатиясининг асосий устувор йўналиши эканини белгилаб берган Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий фаолиятига юқори баҳо берилган.

Журналист Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқидан иқтибос келтиради: «Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё — биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир… Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз».

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистоннинг дадил ва фаол одимлари Марказий Осиё иқтисодиётини ривожлантиришда ижобий таъсир кўрсатади. Бу ўтмишда зўравонлик экстремизмининг бўй кўрсатиши учун сабаб бўлган миллатлараро кескинликнинг пасайишига ҳам хизмат қилиши мумкин.

Муаллиф Ўзбекистон Президентининг бир неча ҳафта муқаддам қўшни Қирғизистонга боргани, унинг сўнгги йиллардаги илк юқори даражали ташриф бўлганини эслаб ўтади. Учрашувлар якунлари бўйича икки мамлакат ўртасидаги давлат чегаралари тўғрисидаги тарихий Шартнома имзоланди. Унинг ортидан амалий қадамлар ташланди: чегара пунктлари фаолияти қайта йўлга қўйилди ва ўзаро сафарлардаги кўп сонли чекловлар олиб ташланди. Буларнинг барчаси улкан муваффақият. Боиси чегарадаги кескинлик давлатлар ўртасидаги алоқаларда мураккаб масалалардан бири ҳисобланади.

Чегара муаммоларининг ҳал этилиши, The Wall Street Journal фикрича, ҳар икки давлат фуқароларига йиллар давомида кўришмаган қариндош ва дўстлариникига ташриф буюриш имконини берди. Ўзаро савдо ҳажмининг кескин ошишига сезиларли таъсир кўрсатди.

Мақолада Тожикистон билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратилади. Муаллифнинг таъкидлашича, 2017 йилда 25 йил ичида илк бор Тошкент ва Душанбе ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди. Кўргазмалар, экспозициялар ва бошқа маданий тадбирларни ўтказиш доимийлик касб этди. Ташқи ишлар вазирининг қўшнилар билан дўстлик алоқаларининг ўрнатилиши зарурлиги тўғрисидаги мулоҳазалари келтириб ўтилади. «Бусиз биз на хавфсизлигимизни, на барқарор ривожланишни кафолатлай олмаймиз», — дея Ўзбекистон ТИВ раҳбари сўзларидан иқтибос келтирилади.