20 октябрдан шаҳар ва халқаро телефония нархлари оширилади. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 4 октябрь куни тасдиқлаган янги нархлар «Ўзбектелеком» компанияси сайтида эълон қилинди.

Аҳоли учун шаҳар телефон тармоғидан фойдаланганлик учун ойлик абонент тўлови вақтбай тўлов асосида бўлганда 2350 сўмдан 3000 сўмга (қишлоқларда эса 1035 сўмдан 1350 сўмга), абонент тўлов тизимида — 3090 сўмдан 4000 сўмгача (қишлоқларда — 1520 сўмдан 2000 сўмга) оширилади. Ташкилотлар учун тарифлар мос равишда ўртача 30 фоизга оширилади.

Чет эл мамлакатларига қўнғироқлар нархи икки баробарга қимматлашади. Масалан, Марказий Осиё абонентлари билан бир дақиқа суҳбатлашиш нархи 500 сўмдан 1000 сўмга, Россия, Украина ва Беларусга — 550 сўмдан 1100 сўмга, Европа мамлакатларига — 1140 сўмдан 2280 сўмга оширилади.

Телеграф хизматлари нархи ҳам икки баробарга қимматлашади. Ўзбекистон бўйича оддий телеграммада битта сўз учун аввалги 44 сўм ўрнига 88 сўм, тезкор телеграмма учун эса 220 сўм ўрнига 440 сўм белгиланди. Марказий Осиё давлатлари, Россия, Украина, Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Арманистон ва Грузияга оддий телеграмма жўнатишда битта сўз учун 290 сўм ўрнига 580 сўм, тезкорда эса 580 сўм ўрнига 1160 сўм тўлаш талаб қилинади.

Ўзбекистон бўйлаб шаҳарлараро қўнғироқлар учун нархлар ўзгаришсиз қолди. Телекоммуникация хизматлари учун нархлар сўнги бор 2016 йил 1 июлда ошган эди.