Тошкент юридик коллежи директори Наталья Темирова 7 октябрь куни ўқувчилардан бирининг ўлимига олиб келган ҳодисадан сўнг вазифасидан озод қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

6 октябрь куни коллеж ҳудудида уч нафар ўқувчи ўртасида жанжал келиб чиққан, натижада улардан бири бошқа икки ўқувчига пичоқ билан тан жароҳатларини етказган эди. Жароҳатланганлар шифохонага ётқизилган, бироқ шифокорларнинг уринишларига қарамасдан бир ўқувчи — Асадбек Парпибоев ҳаётдан кўз юмган.

Адлия вазирлиги хабарида келтирилишича, коллежда сентябрь ўрталарида Тошкент юридик коллежи ўқитувчиларининг мурожаати юзасидан хизмат текшируви ўтказилган. Хизмат текшируви давомида Тошкент юридик коллежи фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширишда Наталья Темирова томонидан кўплаб қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Жумладан, кадрларни ишга қабул қилишда қариндош-уруғчиликка йўл қўйилгани, ходимларни ишга қабул қилиш, ишда қолдиришда таъмагирлик ва қонунбузилишлар мавжудлиги, ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари асоссиз қўлланилганлиги, кадрлар қўнимсизлиги йилдан-йилга ошиб борганлиги, ўқув жараёнида ҳамда битирувчиларга диплом беришда қонунчилик талаблари бузилганлиги, иш юритиш ва ижро интизоми масаласига масъулиятсизлик билан ёндашилганлиги, топшириқ ва кўрсатмаларнинг тизимли равишда бажарилмаслиги аниқланди.

Коллеж меҳнат жамоаси ўртасида гуруҳбозлик ва носоғлом муҳит шаклланганлиги, маънавий-тарбиявий ишларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги ва раҳбар ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги оқибатида 6 октябрь куни ўқувчилар томонидан коллеж ҳудудида оғир жиноят содир этилган.

Хизмат текшируви давомида аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ҳуқуқий баҳо бериш учун текширув материаллари тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди ҳамда бугунги кунда улар томонидан коллежда тегишли ўрганишлар олиб борилмоқда.

7 октябрь куни Президент девони, Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг масъул раҳбар ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда коллеж раҳбарияти томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар коллеж ходимлари ва ўқитувчилари иштирокида муҳокама қилиниб, ташкилий масала кўрилди. Юқоридагиларга асосан, иш фаолиятида йўл қўйган жиддий хато ва камчиликлари учун Тошкент юридик коллежи директори Наталья Сабировна Темирова «2-даражали адлия маслаҳатчиси» махсус унвон-мартаба даражасидан маҳрум қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.