Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Футбол федерацияси «Болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш тўғрисида"ги қўшма қарорни имзолади, дея хабар қилди ЎФФ матбуот хизмати.

Ҳужжат болалар ва ўсмирлар футболини янада ривожлантириш, футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, академиялари ва олимпия захиралари коллежларининг футбол бўлимларида тарбиявий ва ўқув машғулотларининг сифатини яхшилаш, ёш футболчилар маҳоратини янада ошириш, профессионал ҳамда терма жамоаларга захира ва иқтидорли футболчиларни тайёрлаш ва улар орасида саралашда холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан ташкил этилувчи махсус ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги барча футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, Футбол клублари қошидаги академиялар ва Олимпия захиралари коллежлари ҳамда барча спорт мактаблари фаолиятини ўрганиб чиқади. Ўрганишлар таҳлили асосида болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш бўйича 2018−2023 йилларга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиқилади.

Футболга ихтисослаштирилган таълим муассасаларига иқтидорли ёш футболчиларни танлаб олиш сифатини, холислигини ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида имтиҳонлар ЎФФ тавсия этган мутахассислар иштирокида ўтказилади. Республикада қуриладиган футбол спорт иншоотларини лойиҳалаштириш, қурилиш объектларини топшириш жараёнларида ЎФФ мутахассисларининг иштирок этиши белгиланди.

Қарорда футболга ихтисослаштирилган таълим муассасаларида шуғулланувчиларга тегишли бўлган маълумот ва кўрсаткичлар тўпланган ягона электрон базани шакллантириш режалаштирилган.

Ҳужжатга мувофиқ, ўсмир ва ёш футболчилар ўртасида футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ҳар йили ўтказилади.