Бокс бўйича Ўзбекистон термаси қозоқ бокс мактаби асосчиси Шокир Болтекули хотирасига бағишлаб ўтказилган 10- халқаро мусобақада тўққиз медални қўлга киритди. Турнир 5−7 октябрь кунлари Ақтау (Қозоғистон) шаҳрида бўлиб ўтди.

Бокс федерацияси матбуот хизматининг хабар қилишича, мусобақада Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Польша, Озарбайжон, Финляндия, Мўғилистон, Туркманистон, Беларусь, Арманистон, Грузия ва Қозоғистондан 200 нафардан зиёд боксчи иштирок этди. 10 та медаллар жамланмаси ўйналди.

Миллий терма жамоа вакиллари тўртта олтин, иккита кумуш ва учта бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Қозоғистон термасидан кейинги ўринни банд этди.

Элнур Абдураимов (64 кг гача вазн тоифаси), Маҳмуд Ғоипов (69 кг гача), Исроил Мадримов (75 кг гача) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) олтин медални қўлга киритди.

Отабек Холматов (56 кг гача) ва Мадиёр Саидраҳимов (81 кг гача) вице-чемпион номига сазовор бўлди.

Мироншоҳ Ибрагимов (49 кг гача), Муроджон Аҳмадалиев (60 кг гача) ва Санжар Турсунов (91 кг гача) бронза медалларига сазовор бўлди.

Исроил Мадримов мусобақанинг энг яхши боксчиси бўлди.