Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг «Фориш» тоғ-дала ўқув майдонида Ўзбекистон ва Россия Мудофаа вазирликлари қўшинлари бўлинмаларининг махсус тактик-ўқув машқлари якунланди, дея хабар қилди ЎзА.

Ўқув машқларида ноқонуний қуролланган кучлар жойлашган ҳудудда разведка ишларини олиб бориш, уларнинг моддий таъминот, қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларига шикаст етказиш ва йўқ қилиш, гаровга олинганларни озод қилиш ҳамда шартли бузғунчи кучларни батамом яксон қилиш бўйича тегишли усуллари ишлаб чиқилди.

Машғулотларнинг сўнгги кунида икки давлат ҳарбий хизматчилари ўтиш мураккаб бўлган тоғли ҳудудларда ноқонуний қуролланган кучларни йўқ қилиш бўйича аксилтеррор операциясини амалга оширди.

Аксилтеррор операциясида ўқув-жанговар топшириқларни муваффақиятли бажарган ҳарбий хизматчилар — Ўзбекистон томонидан майор Азамат Жабборов, майор Хуршид Мамадалиев, кичик сержант Ҳабибулло Холбоев, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Достон Маматов, Россия томонидан взвод командири, катта лейтенант Сергей Баромыко, сержант Буян Кенден, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Амир Килик тақдирланди.

Фото