6 октябрь, Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевнинг Ўзбекистонга уюштирган давлат ташрифининг иккинчи кунида давлатлар ўртасида олтита ҳужжат имзоланди. Ташрифнинг биринчи кунида томонлар икки давлат ўртасида Стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида декларация ва 12 та бошқа ҳужжат имзоланган эди.

Хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида чегара ҳудудларида ишонч чоралари бўйича битим, Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Алабука туманидаги Орто-Токой (Косонсой) сув омборидан фойдаланиш бўйича ҳукуматлараро битим, «Ўзбекгидроэнерго» ва Қирғизистон Миллий энергетика холдинг компаниялари ўртасида Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини амалга ошириш соҳасида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми, шунингдек 2017−2018 йилларда Қирғизистондан Ўзбекистонга электр энергиясини етказиб бериш тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Бундан ташқари, 1996 йил 4 сентябрдаги Халқаро автомобиль алоқаси тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Баённома имзоланди.