Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 4 октябрь куни 12-ялпи йиғилишда қонунчиликка киритилаётган жиноятга алоқадор бўлмаган шахсларнинг мол-мулкини мусодара қилишни тақиқловчи ўзгартишни тасдиқлади.

Сенаторлар тасдиқлаган қонун билан Жиноят-процессуал кодексига гумондор, айбланувчи, судланувчи ва жазога ҳукм этилган шахсга тегишли жиноят қуроли ҳисобланган предметларни мусодара қилишга оид ўзгартишлар киритилади. Шу билан бир қаторда, санаб ўтилган шахсларга тегишли бўлмаган мол-мулклар мусодара қилинмайди ва қонуний эгасига қайтариб берилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишга мувофиқ, эндиликда ҳуқуқбузарга тегишли бўлмаган мол-мулк маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда бевосита ёки билвосита қурол сифатида фойдаланилган бўлса, мусодара этилмайди. Ушбу ўзгартишлар фақатгина савдо айланмасидан олиб қўйилган мулкларга тааллуқли эмас.

Бунга қадар фоҳишабозлик ёки одам савдосини ташкил этишда фойдаланилган кўчмас мулкларнинг мусодара этилишига оид ҳодисалар кузатилган эди. Бунда мол-мулк жиноят қуроли сифатида давлат фойдасига мусодара қилиниб, айрим ҳолларда бу ҳақда мулк эгасига ҳам маълум қилинмаган.