2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда Uzbekistan Pass интерактив сайёҳлик хизмати ишга туширилади. Маҳсулот 3 октябрь куни «Ўзэкспомарказ"да очилган «Туризм ва Ипак йўли» Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида тақдим этилди.

Uzbekistan Passўзида меҳмонхоналарни банд қилиш, сайёҳлик йўналишларини танлаш, авиа ва темир йўл чипталари, турпакетларни онлайн сотиб олиш, автотранспорт трансфери ва ижараси, куну тун сайёҳларни қўллаб-қувватлаш ва бошқа хизматларни ўзида бирлаштиради.

Президентнинг 16 августдаги «2018−2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида жорий этилаётган Uzbekistan Pass карталари чет элликларга Ўзбекистонга кириш визаси олган вақтда бепул берилади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 2015 йилда 675 минг киши Ўзбекистонга кириш визаларини олган.

Uzbekistanpass.com сайти ва хизмат мобиль иловасида чет элликларни рус, инглиз, немис, француз, испан, итальян, япон, хитой ва корейс тилларида куну тун қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилади.

Хизматдан фойдаланувчи сайёҳ автомат равишда Ўзбекистонда бўлиш вақтидаги бахтсиз ҳодисалардан суғурталанади. Хизмат Gross Insurance компанияси томонидан кўрсатилади.

Uzbekistan Pass ёрдамида кафе ёки ресторандан стол буюртма қилиш, такси чақириш мумкин. Унда, шунингдек «хавф-хатар тугмачаси» мавжуд бўлиб, у орқали турист офлайн режимда ҳам ФВВ, тиббий хизмат ва ИИВга ўз координаталарини юбориши мумкин.

Айни пайтда хизмат тест режимида ишламоқда. Синов жараёни уч ойга яқин вақт давом этади.