Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги «Водил» чегара пости (Қирғизистон томонидан — «Қадамжой») соддалаштирилган тартибда ишлашни бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди. 2 октябрь куни бу ерда Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятлари вакиллари учрашуви бўлиб ўтди.

Қирғизистон билан 447,4 километрлик чегара ҳудудига эга Фарғона вилояти учун чегара муносабатлари ғоят муҳим стратегик аҳамиятга эга. Сўх ҳамда Фарғона туманларининг Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари аҳолиси учун қўшни давлатга борди-келди қилиш бирмунча оғриқли масалага айланиб қолган эди.

Президентнинг сентябрда Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи жараёнида қатор муаммолар қатори чегараларни кесиб ўтишга алоқадор масалаларга ижобий ечим топилган эди.

6 сентябрда «Дўстлик» чегара пости соддалаштирилган тартибда куну тун ишлашни бошлаган бўлса, сентябрь сўнгида «Косонсой» чегара пости ўз фаолиятини қайтадан бошлади.