Ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин Хитойнинг Чэнду шаҳрида ўтган мусобақада ғалаба қозониб, ўз карьерасидаги иккинчи ATP ғолиблигини қўлга киритди. Бу ҳақда Профессионал теннисчилар ассоциацияси (ATP) матбуот хизмат хабар қилди.

Финал баҳсида Денис Истомин (дунёнинг 53-ракеткачиси) кипрлик Маркос Багдатис (85) билан учрашди. Ўзбекистонлик финал баҳсининг биринчи партиясида 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Кипрлик кортда йиқилиб тушганидан сўнг белдаги оғриқ сабабли ўйинни давом эттира олмади. Учрашув 24 дақиқа давом этди.

Ғалабага эришиш йўлида 31 ёшли Денис Истомин 21 ёшли россиялик Карен Хачанов (42) ва 20 ёшли америкалик Жаред Дональдс (56), шунингдек ярим финалда япониялик Юити Сугита (43) каби ёрқин теннис юлдузларини мағлубиятга учратди.

Chengdu Open мусобақаси ғолиблиги Денис Истомин учун мавсумдаги биринчи, яккалик разряд бўйча карьерасидаги иккинчи титул ҳисобланади. Ўзбекистонлик спортчи 183,4 минг долларлик соврин ва 250 рейтинг очкосини қўлга киритиб, рейтингда 78-поғонадан 53-га кўтарилиб олди. Маркос Багдатис эса 96,6 минг доллар ва 150 рейтинг балга эга бўлди.