Тошкентдаги Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғи 2 октябрдан бошлаб реконструкция учун ёпилади. Лойиҳа турар ва нотурар иншоотлар қурилиши билан шуғулланувчи Jet Invest компанияси томонидан амалга оширилади.

«Мирзо Улуғбек боғи — Тошкентдаги эски боғлардан бўлиб, 1934 йилда очилган. Боғнинг кўплаб коммуникациялари ва ташқи қиёфаси эскирган, айрим бино ва аттракционлар меъёрларга жавоб бермай қолган. Бизнинг вазифамиз боғ қиёфасини янгилаш, уни замонавий ва жозибадор қилишдан иборат», — деди компания вакили Зафар Раҳимов «Газета.uz» билан суҳбатда.

Боғдаги экилганига 100 йилдан ошган кўплаб дарахтлар сақлаб қолинади. Қўшимча равишда янги дарахтлар ўтқазилиб, улар тажрибали дендрологлар томонидан парвариш қилинади. Жараён шаҳар маданият бошқармаси ҳамда Давлат экология қўмитаси томонидан назорат қилинади.

«Лойиҳа ҳақида айтадиган бўлсак, биз бутун боғ бўйлаб пиёдалар йўлаклари, аттракционларни янгилаймиз, коммуникация ва эски биноларни реконструкция қилиб, қўшимча кириш қисмини очамиз, янги автотураргоҳ қурамиз», — деди Зафар Раҳимов.

Кексалар, спорт билан шуғулланиш ва ёшлар учун махсус зоналар очиш режалаштирилган. Истироҳат боғига кириш бепуллигича қолади. Янгиланган боғни очиш келгуси йилга режалаштирилган.

Facebook ижтимоий тармоғида боғ саҳифаси очилди (fb.com/MirzoUlugbekPark). У ерда реконструкция жараёнини ёритиб бориш, шунингдек фуқаролар ўз тилак ва таклифларини қолдиришлари мумкин.