Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни мактабгача таълим тизимини бошқаришни тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат билан Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.

Вазирлик тузилмасига Қорақалпоғистон Мактабгача таълим вазирлиги, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ҳамда уларнинг шаҳар ва туман бўлимлари киритилди.

Фармонда қайд этилишича, сўнгги 20 йил давомида Ўзбекистонда давлат мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоиздан зиёдроққа камайди, болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш эса бор-йўғи 30 фоизга яқинроқни ташкил этган.

Мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базаси талабларга жавоб бермайди, дейилади фармонда. Амалдаги тизимда болаларни мактабга тайёрлаш бўйича ишончли таълим моделлари, уларни ижтимоий, ҳиссий, нутқий, математик, жисмоний ва ижодий ривожлантиришни кўзда тутувчи ривожланган давлатлар тажрибаларига асосланган давлат дастурлари мавжуд эмас.

Давлат МТМЛарида аксарият педагогик кадрлар ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, бу болаларни мактаб таълимини тайёрлашни етарли даражада таъминланмаслигига олиб келмоқда.

Янги вазирликнинг асосий вазифалари босқичма-босқич барча болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш, мамлакатда ўзаро рақобат қилувчи давлат ва нодавлат МТМлари тармоғини яратиш, амалиётга мактабгача таълим ва болаларни тарбиялашнинг муқобил шаклларини жорий этишдан иборат.

Мактабгача таълим тизими раҳбар ва педагог кадрларини замонавий технологиялар ва методлар базасида қайта тайёрлаш, шунингдек болаларни тарбиялашнинг муносиб шароитларини яратиш режалаштирилган.

Барча МТМлар маҳкамавий тегишлигидан қатъи назар янги вазирлик тизимига ўтказилади. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 50, 70, 100, 120 ва 150 ўринга мўлжалланган қўшимча давлат ва нодавлат МТМларни ташкил этиш, шунингдек мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини татбиқ қилиш йўли билан болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олиш режалаштирилмоқда.