Афғонистон Президенти Ашраф Ғани Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади, дея хабар қилди ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов жума куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб йиғилишида.

«Биз ҳозирда амалга оширилажак ташриф устида ишлаяпмиз. Аниқ саналар ҳозирча белгилангани йўқ, бироқ ўйлайманки, биз бу масалани узоқ чўзмаймиз», — деди ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари.

«Афғонистонда муайян кескинлик сақланиб қолаётганига қарамасдан, биз савдо, иқтисодий, гуманитар алоқаларни ривожлантиришда давом этмоқдамиз. Афғонистон — бизнинг қўшнимиз, умумий чегараларга эгамиз, айрим маълумотларга кўра, Афғонистон ҳудудида бир неча миллион ўзбек истиқомат қилмоқда, ушбу мамлакат билан кўп асрлик тарихий, маданий, гуманитар алоқаларимиз бор», — деди Абдулазиз Камилов.

Ташриф доирасида икки мамлакатнинг иқтисодий алоқаларини, жумладан Ўзбекистоннинг айрим лойиҳалар, хусусан йўл-транспорт коммуникациясига алоқадор лойиҳаларда иштирок этиши эҳтимолларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, томонлар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилади.