2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларда ўқиш муддати уч йилдан икки йилга қисқартирилади. Бу Ўзбекистон Президентининг 26 сентябрдаги «Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда келтирилишича, эндиликда академик лицейларнинг ўқув-методик раҳбарлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.

2018/2019 ўқув йилидан ОТМлардан узоқ масофада жойлашган ва паст таълим сифатига эга лицейлар ҳужжатларни қабул қилишни тўхтатади, 2019 йил 1 сентябрдан эса ёпилади. Юқори илмий ва педагогик салоҳият, етарли даражадаги моддий-техник базага эга лицейлар олий таълим муассасалари ихтиёрига ўтказилди.

Узоқ ҳудудлардан қабул қилинган ўқувчилар ётоқхоналарда жойлар билан таъминланиб, овқатланиш харажатлари имтиёзли асосда қисман қопланади.

Лицейларга умумтаълим мактабларининг нисбатан тайёргарлик кўрган, қобилиятли ва иқтидорли ўқувчилари саралаб олинади. Бундан ташқари, ОТМларга кириш учун кадрларни мақсадли тайёрлаш учун малакали кадрлар етишмаётган ҳудудлардан ўқувчиларни имтиёзли қабул қилиш тартиби амалда бўлади.