23 сентябрь куни Наманганда Ислом Каримов шоҳ кўчаси бўйлаб бунёд этилган биринчи тўлақонли велойўлакнинг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Унинг очилиши муносабати билан «Шаҳримизни биргаликда обод қилайлик!» шиори остида веломарафон бўлиб ўтди.

Пиёдалар йўлагининг ўнг томонида жойлашган велойўлак «Дўстлик» бозори қаршисидаги майдондан бошланиб, Наманган муҳандислик педагогика институти автотураргоҳигача давом этади. Унинг умумий узунлиги 2264 м бўлиб, биринчи томони 1111 м, иккинчи томони эса 1153 м ни ташкил этади.

Ушбу ташаббус ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори молиявий кўмагида «Экологик ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасига кўмаклашиш — фаза II» лойиҳаси доирасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Лойиҳа жараёнида тротуарнинг шикастланган қисмлари таъмирланиб, айрим жойларига янги қопламалар ётқизилди, йўл белгилари ўрнатилиб, чизиқлар чизилди. Автотураргоҳ яқинига велосипедчиларни ҳимоя қилиш учун тўсиқ ўрнатилди. Иккита жойга ҳар бири 10 велосипедчига мўлжалланган тўхташ жойи ташкил этилди.

ЕХҲТ Лойиҳалар координатори веломарофон иштирокчиларига 80 та велосипед тақдим этди. Ушбу велосипедлар акциядан сўнг меҳрибонлик уйлари, мактаблар ва ўзини ўзи бошқариш органларига беғараз фойдаланиш учун берилди.

«Лойиҳадан кўзланган мақсад — вилосипед каби экологик транспорт тури шаҳар транспорт тизимига интеграция қилиниб, атроф-муҳитга зарарли таъсирни камайтириш мумкинлигини кўрсатишдан иборат», — деди ЕХҲТ Лойиҳалар координатори Идорасининг лойиҳалар бўйича миллий маслаҳатчиси Мурод Ҳусанов «Газета.uz"га.

Лойиҳа олти ой давомида амалга оширилди, дея хабар қилди у. Унинг таъкидлашича, кўп вақт ташкилий ишлар, лойиҳалаштириш, шунингдек шаҳар маъмурияти ва бошқа маҳкамалар билан келишишга сарфланди.