Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 25 сентябрь куни Татаристон Президенти Рустам Миннихоновни қабул қилди, дея хабар берди ЎзА.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувлар ҳамда жорий йил апрель ойидаги Россияга давлат ташрифи доирасида имзоланган икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга мувофиқ Россия Федерациясининг Татаристон ва бошқа субъектлари билан алоқалар фаоллашиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Мавжуд улкан саноат салоҳияти, анъанавий яқин ҳамкорлик ва кўп асрлик маданий-тарихий алоқалар кўп қиррали ўзаро шерикликни тубдан кенгайтириш учун ишончли пойдевор яратаётгани қайд этилди.

Татаристон Президенти сайти маълумотларига кўра, учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Яқин йилларда Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини тўрт баробарга ошириш учун барча имкониятлар мавжудлиги қайд этилди (2016 йилда савдо ҳажми 50 млн долларни ташкил этган бўлса, жорий йил биринчи ярмида бу ҳажм икки баробарга ошган).

Учрашувда нефть-газ, нефть-кимё, кимё, автомобилсозлик, машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги тармоқлари, ахборот технологиялари соҳаси ва бошқа йўналишларда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар алмашув ва сайёҳлик соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш ва қўшма дастурларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Татаристон Президенти Рустам Миннихонов Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. У Ўзбекистонга ташрифи жараёнида ҳамкорлик тўғрисидаги 10 та турли ҳужжат имзоланганини маълум қилди.

Душанба куни Татаристон раҳбари ўзбек-татар бизнес-форумида иштирок этди. Якшанба куни эса Рустам Миннихановнинг Ўзбекистон татар диаспораси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Шанба куни у Самарқандга ташриф буюриб, тарихий ёдгорликлар ва қадимий шаҳарнинг диққатга сазовор масканлари билан танишди.