25 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган ўзбек-татар бизнес-форуми жараёнида савдо-сотиқ, соғлиқни сақлаш, туризм ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги шартномалар имзоланди.

Форумда иштирок этиш учун Ўзбекистонга 50 га яқин Татаристон корхоналари вакиллари ташриф буюрди. Республика делегациясига Татаристон президенти Рустам Минниханов раҳбарлик қилди.

Меҳмонларни қутлаган Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов Татаристон билан товар айланмаси ҳажмини 2−3 баробарга ошириш режаси тўғрисида маълум қилди.

Ғуломжон Ибрагимов.

«Электротехника, кимё ва нефт кимёси, фармацевтика, озиқ-овқат, тўқимачилик, тери-пойабзал саноати, машинасозлик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун устувор йўналишлар ҳисобланади», — деди у.

«Ҳамкорлигимиз даражаси имкониятларимизга мос эмас, айниқса иқтисодиёт соҳасида, — дея қайд этди Рустам Минниханов. — Биз автомобильсозлик маҳсулотлари, компрессор, нефт кимёси, музлаткич ва тиббиёт ускуналарини етказиб бериш, соғлиқни сақлаш ҳамда нефть ва газ кимёси соҳаларида алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдормиз».

Рустам Минниханов.

У Татаристон Ўзбекистонда электро ва гидроэнергетика объектлари қурилиши ва модернизациясида иштирок этишни кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Бизнес-форум жараёнида Ўзбекистон ва Татаристон соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида симуляцион ўқув марказини ташкил этиш ва ўзбек-татар робот-симуляторларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисидаги келишув имзоланди.

Икки давлат туризм маҳкамалари ҳам ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга эришди. «Ўзфармсаноат» компанияси Серго номидаги завод билан мақсадлар тўғрисидаги меморандумни имзолади.