Қибрай туманида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари чақалоқни сотишга бўлган уринишга барҳам берди, дея хабар қилди Тошкент вилояти прокуратураси.

Бир гуруҳ фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этиб, Қибрай туманида яшовчи аёл ўз фарзандини бегона шахсларга 1000 АҚШ долларига сотмоқчи бўлиб юрганини билдирган.

Хабарга асосан зудлик билан мазкур ҳолатнинг олдини олишга қаратилган тезкор тадбир ўтказилиб, туманда яшовчи М.Исмоилова (1990 йилда туғилган) 2017 йилнинг июнь ойида туғилган уч ойлик ўғлини 500 минг сўм эвазига сотаётган вақтда ушланди.

Ҳозирги вақтда жиноят содир этилиши сабаблари аниқланмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.