Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) талабалари 22 сентябрь куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида бир кун бўлганидан сўнг уйга қайтишди. Талабаларни пахта далаларидан қайтариш масаласи бир кун муқаддам Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ўтказган селектор йиғилишидан сўнг бошланди. «Газета.uz» мухбири вокзалда талабаларни кутиб олди.

ТИҚХММИ талабалари бўлган рейс 14:50 да етиб келди. Институтнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори Қодир Шоввозовнинг маълум қилишича, жўнатилган барча талабалар — 2500 га яқин кишининг барчаси қайтарилди. Аввалроқ — 13:30 да эса Тошкент давлат аграр университети талабалари бўлган 26 вагонлик таркиб етиб келди.

«Газета.uz» мухбири билан бўлган суҳбатда талабалар ҳаттоки пахта даласига чиқишга улгурмаганини маълум қилишди. «Қайтганимиздан хурсандмиз, Президентимизга раҳмат», — деди биринчи босқич талабаларидан бири.

«Биз пахтага бошқа бормаймизми? Ҳаттоки унга қўл тегишга ҳам улгурмадик», — дейди бошқаси.

«Давлатга фойдамиз тегишини истаган эдик, шунинг учун пахтага боргандик», — деди яна бир талаба.

Видео


Фото