20 сентябрь куни Муборак газни қайта ишлаш заводида газдан пропан ва бутан ажратиш қурилмасини тозалаш вақтида эҳтиётсизлик оқибатида завод ишчиларидан 4 нафари газдан заҳарланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Натижада 3 нафар ходим — цех бошлиғи Аъзам Кулиев, операторлар Қудрат Тўраев ва Умрзоқ Ўриновлар биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай воқеа жойида вафот этишган.

Оператор Даврон Ботиров Муборак тумани марказий касалхонасига ётқизилган. Унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.

Мазкур ҳолатнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Комиссия томонидан вафот этганларнинг оила аъзоларига барча зарурий ёрдамларни кўрсатиш бўйича чоралар кўрилмоқда.