Халқаро Футбол федерацияси (ФИФА) Ўзбекистон Футбол федерациясига (ЎФФ) «Форвард» дастури доирасида 5 млн доллар ажратади. ЎФФ раҳбари Умид Аҳмаджонов 21 сентябрь куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ФИФА президенти Жанни Инфантино билан лойиҳа бўйича музокаралар ўтказди.

ЎФФ матбуот хизматининг аниқлик киритишича, ажратилаётган маблағнинг 3,5 млн доллари 2018 йил сўнгига қадар, қолган 1,5 млни эса 2019 йилда тақдим этилади. «Форвард» дастури регламентига мувофиқ, маблағлар федерация фаолиятини юритиш, маъмурий-бошқарув фаолияти, республика мусобақалари ташкиллаштириш, вебсайт ишини яхшилаш ва бошқа мақсадларга йўналтирилади.

Бундан ташқари, ЎФФ ва ФИФА 2017—2018 йилларда махсус лойиҳаларни амалга ошириш учун 1,5 млн долларлик шартнома имзолади. Умид Аҳмаджонов Тошкентда келишув шартларини бажариш учун ишчи гуруҳ ташкил этишга кўрсатма берди.

ФИФА, шунингдек Футбол федерациясининг ЎФФ шахсий маблағлари ҳисобидан 2016 йилда амалга оширган махсус лойиҳалари учун сарфланган маблағлар ўрнини қоплаш учун 1 млн доллар миқдорида кўмак ажратади.

Музокаралар доирасида ФИФАнинг «Гол-4» лойиҳаси доирасида 500 минг долларлик маблағни ЎФФ ҳисоб рақамига ўз вақтида тушириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Маблағнинг биринчи қисми федерация биносини реконструкция қилишга йўналтирилди. Қолган қисми эса миллий терма жамоа учун янги автобус сотиб олишга сарфланади.

Томонлар Ўзбекистонда халқаро тадбирлар ва турнирлар, жумладан 17 ва 20 ёшли қизлар ўртасида жаҳон чемпионатини ўтказиш имкониятларини ҳам муҳокама қилишди. Умид Аҳмаджонов Ўзбекистонда ихтисослашган форумлардан бири ёки ФИФА Конгерссини ўтказишга тайёрлигини билдирди.

ЎФФ раҳбари ФИФАга жаҳон футболи афсоналари ва амалдаги юлдузларини ёш футболчилар учун мастер-класслар ўтказиш учун Ўзбекистонга таклиф қилишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Ўзбек ва Европа клублари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, биргаликдаги ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш ва тажриба алмашиш учун мутахассисларни таклиф этиш бўйича ҳам келишувларга эришилди.

Умид Аҳмаджонов таклифи билан ФИФА президенти Жанни Инфантино Ўзбекистонга ташриф буюришга ваъда берди.