Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йоркда АҚШда истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошлар билан учрашди, деб хабар қилди ЎзА.

«Америка Қўшма Штатларида сиз, қадрли юртдошларимиз билан учрашиб турганимдан бағоят хурсандман, деди давлатимиз раҳбари. Мен ушбу ташриф чоғида сизлар билан чин дилдан, самимий суҳбатлашишни аввалдан режалаштириб қўйган эдим», — деди давлат раҳбари.

«Ватандан йироқда, мусофирчиликда ўз ўрнини топиш ва ҳақли эътироф қозониш нақадар машаққатли эканини барчамиз яхши англаймиз. Бундай катта ютуқларга эришиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди», — дея таъкидлади Президент.

«Бугун сизлар билан очиқ мулоқот қилиб, сизлар билан яқиндан танишиш, мамлакатимиз олдида турган катта-катта вазифаларни амалга ошириш борасидаги фикр ва мулоҳазаларингиз, таклифларингиз билан ўртоқлашиш ғоят муҳим, деб ҳисоблайман», — деди у.

Президент 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Суд-ҳуқуқ, молия, кичик бизнес, туризм, тиббиёт соҳаларидаги ўзгаришлар тўғрисида маълум қилди.

Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, илм-фан ва таълимни ривожлантириш, замонавий кадрлар тайёрлаш бўйича улкан ишлар бошлангани таъкидланди. Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.

Мазкур учрашув ҳам очиқ ва самимий руҳда ўтди. Президент учрашувга келган ҳар бир юртдошимизнинг ҳаёти ва фаолияти билан қизиқди.

Шавкат Мирзиёев ватандошларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлиш, замонавий билим ва тажрибаларини мамлакат ривожига йўналтиришга даъват этди.

«Мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман, деди давлатимиз раҳбари. Мен уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман», — деди давлат раҳбари.

«Барчангизнинг мамлакатимизни ривожлантиришга сидқидилдан ҳисса қўшишга тайёр эканингизни кўриб, чин дилдан мамнун бўлиб турибман. Ҳаммамиз жонажон Ватанимиз равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб бирлашсак, олдимизга қўйган ҳар қандай юксак маррага албатта етишимизга ишонаман», — деди Президент.