Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси ахборот хизмати смартфонларида Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланган фото ва видеофайллар мавжуд бўлгани учун қўлга олинган фуқаролар тўғрисида хабар қилди.

Ушбу файллар смартфонларнинг «Telegram» деб номланган папкасида сақлангани аниқланди. Бошқарма хабарида тақиқланган материалларни ноқонуний равишда олиб киришга уринган смартфон эгаларини «телеграмчилар» деб аталган.

Ана шундай ҳолатлардан бирида «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари «Новосибирск-Тошкент» йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиси фуқаро Ж.Жумаевда (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда тақдим қилинмаган Samsung русумли уяли телефон борлиги аниқланди. Телефоннинг «Telegram» номли папкасида 12дона беҳаё мазмундаги видео ва 65 дона беҳаё мазмундаги фото файллар ҳамда ваҳшийликни тарғиб қилувчи видео ролик борлиги маълум бўлди.

«Шунга ўхшаш ҳолатда „Москва-Тошкент“ йўналиши бўйича кириб келган фуқаролар М.Узоқов ва Б.Закировлар божхона назоратидан четлаб олиб ўтмоқчи бўлган „Samsung“ русумли уяли телефонларининг» Telegram" папкасида 84 дона беҳаё мазмундаги видео файллар ва 255 дона фото суратлар борлиги маълум бўлди.Телефон эгалари қўл телефонларига фото ва видеофайллар қандай қилиб тушиб қолганидан гўёки бехабар экан", — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 189- моддаси билан маъмурий иш юритилиб, кўриб чиқиш учун тегишли суд идораларига юборилди.

Божхона бошқармаси Президентнинг 1997 йил 10 октябрдаги фармонига мувофиқ Ўзбекистонга уруш, терроризм, зўравонлик, миллий ажратиш ва диний қаршилик, расизм ва унинг турларини (антисемитизм, фашизм) тарғиб этувчи ҳамда порнографик мазмундаги материалларни олиб кириш тақиқланганини эслатиб ўтади.

Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, порнографик, шунингдек зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, у ҳолда айбдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

«Газета.uz» изоҳи: Қайд этиш жоизки, тақиқланган характердаги файллар мессенжерда турли каналлар ёки гуруҳларга аъзо бўлган ҳар бир фойдаланувчи смартфонига ҳаттоки унга мутлақо қизиқ бўлмаса ҳам тушиб қолиши мумкин. Аниқроқ айтадиган бўлсак, турли канал ва гуруҳларга фойдаланувчининг ижозатисиз аъзо қилиб қўйиш кенг тарқалган. Шу боис созламалар орқали нотаниш шахсларнинг турли канал ва гуруҳларга аъзо қилиб қўйишини чеклаш мақсадга мувофиқ.