Американинг The Wall Street Journal нашри 14 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сафари арафасида Ўзбекистонга бағишланган мақолани эълон қилди. Унинг қисқача мазмуни «Жаҳон» АА томонидан чоп этилди. Худди шу куни Forbes журнали сайти ҳам Ўзбекистон тўғрисида йирик материални эълон қилди.

Материал муаллифи Ярослав Трофимовнинг ёзишича, муқаддам энг ёпиқ мамлакатлардан бири бўлган Ўзбекистон қадамба-қадам дунёга очилмоқда. Сўнгги бир йил давомида республикада эркинлаштириш борасида кўплаб ўзгаришлар қайд этилди. Мамлакатни минтақанинг оғир вазнли аъзоси сифатида таъкидлаб ўтган муаллиф Ўзбекистоннинг АҚШ билан алоқаларини ривожлантириш мақсадида эканини ёзади. Давлат афғон муаммосини ҳал этиш учун ҳам яқиндан иш олиб бормоқда.

Ярослав Трофимов Ўзбекистоннинг сиёсий тизимни эркинлаштириш, диний эркинлик ва ўткир муаммоларни кўтариб чиқишни бошлаган ОАВ эркинлигини кенгайтиришдаги қарорларини ёдга олиб ўтади. Мақолада ўзбек ҳукуматидаги кадрлар алмашинуви масаласи ҳам кўтарилган. Унга кўра, муҳим лавозимларга жумладан Ғарбда таҳсил олган ёшлар тайинланаётгани айтиб ўтилган.

Ташқи сиёсатда Тошкент кўп йиллар давомида ёпиқ бўлган чегараларни очиш йўли билан минтақадаги қўшни давлатлар билан алоқаларни меъёрлаштиришга киришган. Республика Марказий Осиёда яқин ҳамкорлик ва савдо-сотиқни кенгайтиришга катта эътибор қаратган. Ўзбекистон 2019 йилда собиқ иттифоқдан мерос бўлиб қолган чиқиш визасини бекор қилиш режалари тўғрисида ҳам хабар қилинди.

Иқтисодий соҳада Ўзбекистон яқиндагина миллий валютани «сузиб юрувчи» курсга ўтказгани қайд этилган. Нашрнинг ишонч билдиришича, бу иқтисодиётни ривожлантиришга катта туртки беради.