«Ҳаракатлар стратегияси» маркази 2017 йилда мамлакатни ривожлантириш якунларини сарҳисоб қилиш ва 2018 йилда навбатдаги ислоҳотларни режалаштириш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш мақсадида кенг жамоатчилик иштирокида ижтимоий сўров ўтказмоқда.

Респондентлар 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ўтказилаётган ислоҳотлар ва жамият ҳаётидаги бошқа ўзгаришларга баҳо беришлари мумкин. Жумладан, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги муҳим чоралар, халқ билан мулоқот самарадорлиги даражаси ва бошқалар тўғрисидаги саволларга жавоб бериш сўралмоқда.

Сўров ОТМлар, маҳалла фуқаро йиғинлари, корхона ва ташкилотларидаги Ҳаракатлар стратегияси хоналарида ҳам ўтказилмоқда. Йиғилган маълумотлар Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияга тақдим этилади.

«Ҳаракатлар стратегияси» марказидан маълум қилинишича, 2018 йилги Давлат дастурига киритиладиган таклифлар фақатгина жамоатчилик билан дастлабки муҳокамадан сўнг кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилги Давлат дастури қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга бағишланади.