Ўзбекистон ҳукумати 14 сентябрь куни Коммунал хизматларнинг ягона биллинг тизимини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда «Газета.uz"нинг Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигидаги ахборот манбаси хабар қилди.

Тизимни 2018 йил августига қадар ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, коммунал хизматлар ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари кейинроқ қўшилади. Хусусан, электр ва газ таъминоти 2019 йил январга қадар уланса, ичимлик суви таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти 2020 йил сўнгига қадар қўшилади.

Ягона биллинг тизими коммунал хизматларнинг амалдаги тарифларига мувофиқ истеъмолчиларга ҳисобни бериш ва ҳисоб рақамларидаги маблағларни назорат қилиш, ҳисобга ўтказиш ва ҳисобдан чиқаришга имкон беради.

Тизим доирасида бутун Ўзбекистон бўйича коммунал хизматлар истеъмолчиларининг ягона реестри жорий этилиб, электрон ҳукумат тизимлари билан интеграция қилинади.

Тизим истеъмолчиларга коммунал хизмат кўрсатишни фаоллаштириш ёки тўхтатиб қўйиш учун ҳисоблагичларни бошқариш имкониятини яратади. Биллинг тизимини электрон тўлов тизимлари билан интеграция қилиш режалаштирилган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг UZINFOCOM Маркази базасида ташкил этилган Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш ягона интегратори Ягона биллинг тизими фаолиятини мувофиқлаштириш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш учун масъул этиб белгиланди.

Лойиҳа ижрочиси жорий йил охирига қадар аниқланиши лозим. Ишланма учун халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш режалаштирилган.