Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев якшанба куни Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Очилиш маросимида кўплаб мамлакатлардан келган давлат ва ҳукумат раҳбарлари, Осиё олимпия кенгаши раҳбарияти, фахрий меҳмонлар, минглаб спорт ишқибозлари тўпланди.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Осиё ўйинларини расман очиқ, деб эълон қилди. Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳад ас-Сабоҳ барчани ушбу спорт байрами билан қутлади.

Осиё ўйинлари мадҳияси янграб, Осиё Олимпия кенгашининг байроғи кўтарилди. Ўйинлар машъаласи ёқилди.

Осиё ўйинларида 60 дан ортиқ мамлакатдан спортчилар иштирок этмоқда. Стадион бўйлаб иштирокчи давлатлар делегациялари ўтди.

Ўзбекистон байроғини оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Улуғбек Алимов олиб ўтди.

Делегацияси таркибидан 189 спортчи ўрин олган бўлиб, улар спортнинг 20 тури бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

Ўзбекистон Президенти Ашхободда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди.