Ўзбекистон ва Қозоғистон март ойида Остонада, 16 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган иккита бизнес-форум якунлари бўйича умумий қиймати 1,2 млрд долларлик шартномаларни имзолади. Ушбу маблағнинг катта қисми — 840 млн доллари биринчи форум ҳиссасига тўғри келади.

Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ"да Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг давлат ташрифи муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда икки давлат вазирлик ва маҳкамалари раҳбарлари, тадбиркор доиралар вакиллари иштирок этди.

Тошкентда ўтган бизнес-форум якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди. «Ўзавтосаноат» компанияси «Аллюр» Компаниялар гуруҳи билан Қозоғистон ҳудудида GM Uzbekistan енгил автомобилларини саноат усулида йиғиш борасидаги битимни, «Техноэкспорт» компанияси «Электрон» компанияси билан Қозоғистонга маиший техникаларни етказиб бериш тўғрисидаги меморандумни, «Ўзтадбиркорэкспорт» ва Марказий Осиё сайдо уйи Қозоғистонга мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномани имзолади.

«Ўзфармсаноат» ва «Химфарм», «Ўзметкомбинат» ва «Феррум-Втор», «Ўзэлектроаппарат-Электрошит» ва Alageum Electric ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумларни имзолади. Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ва Жанубий Қозоғистон вилояти Тадбиркорлар палатаси ўртасида ҳам ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.