Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 16 сентябрь куни Тошкентга давлат ташрифи билан келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди, деб хабар қилди ЎзА.

Ташриф икки давлат раҳбарининг Мустақиллик майдонига ташрифи билан бошланди. Бу ерда Нурсултон Назарбоев Мустақиллик ва эзгулик ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. Шундан сўнг президентлар Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараларини зиёрат қилди.

Улар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов кўп йиллар фаолият олиб борган Оқсарой қароргоҳига ташриф буюрди. Нурсултон Назарбоев Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Шундан сўнг президентлар «Ўзэкспомарказ"да ташкил этилган Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.

Икки давлат раҳбарларининг музокаралари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиб, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашди.

Давлат раҳбарлари ҳузурида Давлат чегаралари ўтказиш пунктлари ва автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва модернизациялаш ҳамда туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича йўл харитаси, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида сувга оид муносабатлар соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитаси, Ўзбекистон ҳукумати билан Қозоғистон ҳукумати ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг баъзи масалалари тўғрисида битим, Ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида битим, Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси билан Қозоғистон Молия вазирлиги ўртасида контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисида битимлар, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти билан «Қазақстан темир жоли» Миллий компанияси ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида битимга имзо чекилди.

Бундан ташқари, мамлакатлар ҳудудларининг тўғридан-тўғри алоқаларига асос бўладиган ҳужжатлар ҳам қабул қилинди. Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги билан Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги билан Қизилўрда вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.

Шунингдек, ташриф доирасида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши билан Қозоғистоннинг Актобе вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида меморандум, Жиззах вилояти ҳокимлиги билан Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида меморандум, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан «Казинформ» халқаро ахборот агентлиги ўртасида меморандум имзоланди.

Ўзбекистон Президенти фармони билан Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди. Олий мартабали меҳмонга мукофотни Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи топширди.