5 сентябрь куни Тошкентда Spark автомобилини ўғирлаб, йирик йўл-транспорт ҳодисасини содир этишда гумон қилинаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қурбонов пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Дастлабки суриштирувлар вақтида қўлга олинган шахснинг нафақат аввал ҳам жиноят содир этгани, балки руҳий касалликлар шифохонаси рўйхатида туриши ҳам маълум бўлди. Жиноий иш доирасида суд-медицина экспертизаси ўтказилиб, қўлга олинган шахснинг ақли расолиги ва унинг жиноий иш субъекти бўла олишига ойдинлик киритилади.

ИИББ раҳбарининг маълум қилишича, ўғирланган автомобилни тутиш операциясида «Қўлга олиш» операцияси амалга оширилган. Унда ўғри бўйсунмаган тақдирда ўқ узган ҳолда транспорт воситасига шикаст етказиш йўли билан уни тўхтатишга ижозат берилади.

«Ходимларимиз ўқ отар қуролни қўллаган ҳолда транспорт воситасига шикаст етказиб, уни тўхтатиш ва атрофдагиларга шикаст етказишга йўл қўймасликка эришишди, — деди Баҳодир Қурбонов. — Хизмат текширувида ходимларимиз ўқ отар қуролдан қонуний асосларда фойдалангани аниқланди».

ИИББ бошлиғининг қайд этишича, ходимлар ўқ отар қуролдан автомобилни бошқараётган шахс юзига қарата фойдаланиш имкониятига ҳам эга бўлишган. Бироқ ички ишлар вазирининг топшириғига асосан қуролдан фақатгина машинага шикаст етказиш мақсадида фойдаланилган.

«Ходимлар автомобилга қарата ўқ узганига қарамасдан, улар фуқаролар ва ўғрининг жабрланишига йўл қўйишмади», — дея қайд этди ИИББ бошлиғи.

У, шунингдек: «Бизда алоҳида режа бор. Жиноятчи қуроллангани, у автотранспортда экани ва атрофдагиларга хавф туғдираётгани тўғрисида аниқ ахборотга эга бўлсак, биз қуролни шундай жиноятчиларга қарата қўллашимиз мумкин ва қўллаймиз ҳам», — деди.

«Интернетдаги видеони диққат билан кўрган бўлсангиз, ички ишлар органлари ходими ўқ йўналишига тушиб қолди, бироқ ортга чекинмади, иккинчиси қуролдан фойдаланиши мумкин эди, аммо халқ ва транспорт воситалари тўпланиб турганини ҳисобга олиб, янгидан ўқ узилишига йўл қўймади. Тошкент ИИББ ходимлари малака ва жанговар тайёргарлигини намоён эта олишди», — деди Баҳодир Қурбонов.

«Бу каби ҳар қандай таҳдид қатъий, бартараф этилади, ҳаққоний ва қонуний асосларда бартараф этилади», — дея қўшимча қилди ИИББ раҳбари.

У ички ишлар органлари фаолияти ортида Ўзбекистон Президентининг: «Ҳар бир жиноят ортида жабрланувчи ва жиноятчи туради. Улар билан эмас, жиноятга олиб келган сабаблар билан курашиш керак. Фуқаролар ҳам жиноятчи, ҳам жабрланувчи бўлади. Биз уларнинг барчасини ҳимоя қилишимиз керак», — деган талаби туришини таъкидлаб ўтди.