Пойтахтдаги Боровский номли тиббиёт коллежида таҳсил олган Жасурбек Ибрагимов ўлими билан боғлиқ иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилади. Иш бўйича тергов тадбирлари якунланди, дея хабар қилди пойтахт прокуратураси бошлиғи ўринбосари Муроджон Содиқов пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда.

«Иш судга оширилди. Қолган тафсилотларни оча олмайман. Улар суд жараёнида маълум бўлади», — деди у. Муроджон СОдиқов иш иштирокчилари сони тўғрисида ҳам маълум қилмади.

3 май куни тиббиёт коллежининг иккинчи босқич ўқувчиси Жасурбек Ибрагимов оғир тан жароҳатлари билан шаҳардаги 2-болалар жарроҳлиги шифохонасига олиб келинган. 1 июнь куни у Шошилинч тиббий ёрдам Республика илмий марказида ҳаётдан кўз юмди.

Миробод туман ИИБ Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104- моддасининг тегишли бандлари бўйича жиноий иш қўзғатди. 4 июнь куни иш Тошкент прокуратурасига кўриб чиқиш учун топширилди. Келгуси куни Ўзбекистон бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев ишни шахсий назорати остига олгани маълум бўлди.

Тўпланган далиллар асосида Исломбек Тўлаганов айбланувчи сифатида ишга жалб қилинди. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.