Ўзбекистон Президенти 14 сентябрь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологияларига йўналтирилган фанларни чуқурлаштириш ўқитишга ихтисослашган мактабни ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Мактабга Халқ таълими ва Молия вазирликлари белгилаган квота асосида 5-синфдан ёзма ва оғзаки синовлар натижалари асосида ўқувчилар қабул қилинади. Мактабда математика, физика, информатика ва хорижий тиллар чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Ўқувчиларда дастурлаш, маълумотлар базаларини шакллантириш ва ахборот хавфсизлиги борасидаги билим ва кўникмаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Мактаб Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги аниқ фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби базасида ташкил этилади. Янги муассасага Мирзо Улуғбек информатика касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари берилади. Коллежнинг 2−3-босқич ўқувчилари ушбу бинода таълимни давом эттиради.

Таълим-тарбия жараёнини дунё стандартлари асосида ташкил этиш учун мактабга ТАТУ ва Инҳа университетлари профессор-ўқитувчилари жалб қилинади.

Қарорда «Муҳаммад ал-Хоразмий издошлари» мукофотини таъсис этиш ҳам кўзда тутилган. Ушбу мукофот математика, физика ва информатика фанларини интеграциялаган иқтидорли мактаб ўқувчилари ўртасидаги республика танлови натижалари бўйича тақдим этилади.

Худди шу куни Астрономия институти қошида математика, астрономия, физика ва информатика чуқурлаштириб ўқитиладиган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори имзоланди.