Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 2017 йил 17 сентябрь куни Туркманистонга ташриф буюради, деб хабар қилди ЎзА.

Давлат раҳбари Ашхобод шаҳрида ўтказиладиган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этади.

Ташриф доирасида Президент қатор давлатлар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.

Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари 17−27 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Жисмоний тарбия ва спорт бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Турдиевнинг маълум қилишича, мусобақаларда Ўзбекистон шаънини 189 спортчи ҳимоя қилади.

Улар енгил атлетика, оғир атлетика, спорт курашлари (эркин, юнон-рум ва аёллар кураши), таэквондо, велоспорт (трек), от спорти, шахмат, сузиш, теннис, футзал, баскетбол (3×3), кураш, белбоғли кураш, туркман кураши, спорт рақси, кикбоксинг, муайтай, жиу-житсу, самбо ва боулинг каби спорт турларидан беллашади.