Ўзбекистон Президентининг 12 сентябрдаги фармойиши билан Ташқи ишлар вазирлигининг ватандошлар билан «тўғридан-тўғри» мулоқоти якунларини амалга ошириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳини ташкил этилди.

5 июль куни вазир, шунингдек Ўзбекистоннинг хориждаги барча муассасалари ва ТИВнинг ҳудудий ваколатхоналари раҳбарлари иштирокида жонли мулоқот жонли мулоқот бўлиб ўтган эди. Вазирлик, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларига ўнлаб мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатлар фуқаролик, йўқолган ҳужжатларни тиклаш, яқин ва қариндошларни қидириш, мураккаб ҳаётий вазиятларга тушиб қолганларга ёрдам кўрсатиш каби муаммоларга алоқадор эди.

Фуқароларни энг кўп қийнаётган масалалардан бири — хорижга чиқиш учун стикер Президентнинг 16 августдаги фармони билан 2019 йил 1 январдан бекор қилиниб, хорижга чиқиш учун паспорт жорий этилади.

Жонли мулоқот натижаларидан шу нарса маълум бўлдики, фуқароларни қийнаётган барча муаммолар ҳам ташқи сиёсат маҳкамаси ваколатларига кирмайди. Ўзбекистонга қайтиш учун гувоҳномани расмийлаштириш, эски намунадаги ёки муддати ўтган паспортларни алмаштириш, фуқароликдан чиқиш, фуқароликни олиш ва бошқалар шулар жумласидан.

Маҳкамалараро ишчи гуруҳи доимий асосда фаолият кўрсатиб, фуқароларнинг консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича мурожаатларини вазирлик ва маҳкамаларни жалб этган ҳолда ҳар томонлама ўрганади ва уларни ўз вақтида объектив ҳал этиш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш ва ҳимоя қилишга қаратилган чораларни кўради.