Kun.uz таҳририяти Сирдарё вилоятининг Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев тумандаги мактабларнинг директорларини калтаклагани тасвирланган видео тасвирни эълон қилди.

Видеодан кўриниб турибдики, маъмурият раҳбари қаторга турган директорларни навбати билан уриб, ҳақоратламоқда. Унинг сўзларидан англаш мумкинки, мактаб директорлари Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб келмагани учун «жазоланган».

«Айбдорлар"нинг асосан елкаларига икки қўл билан, улардан бирининг эса юзига ҳам урилган.

Манбага асосланиб Kun.uz‘нинг хабар қилишича, августда содир этилган мазкур ҳодисага байрамни паст савияда ташкиллаштиргани учун ҳокимга Сирдарё вилояти маъмурият бошлиғининг эълон қилган хайфсани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Носиржон Эгамбердиев Сайхунобод туманига 2016 йилнинг октябрида ҳоким этиб тайинланган. У бунгача Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.