Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) 12 сентябрь куни «Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари -хорижий оммавий ахборот воситалари диққат марказида» сарлавҳали материални эълон қилди. Унда Шавкат Мирзиёевнинг Остонада Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитидаги нутқига бағишлаб хориж сайтларида эълон қилинган мақола ва хабарлар таҳлил қилинган.

«Давлатимиз раҳбари томонидан ИҲТ саммитида Ташкилотнинг фан ва технологияларни ривожлантириш соҳасидаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга доир билдирилган ташаббуслар интернет ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланди ва кенг қўллаб-қувватланди, бугун ҳам интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар диққат марказида бўлиб турибди», — дейилади материалда.

Шарҳда саккиз интернет нашридан иқтибослар келтирилган бўлиб, уларнинг тўрттаси Ўзбекистонда очилмайди. Улар Би-Би-Сининг Ўзбек хизмати, «Озодлик», «Вечерний Бишкек» радиоси ва KANT.kg сайтидир. UAport.net, Sputnik Ўзбекистон, «Казахстанская правда» ва CA-News.org сайтлари айни пайтда эркин очилмоқда.