Халқаро IDC тадқиқот ва консалтинг компанияси Ўзбекистон ахборот-коммуникация бозори ўсишини башорат қилмоқда, дея хабар берди IDC’нинг Олмаотада жойлашган минтақавий ваколатхонаси «Газета.uz"га. Ҳукуматнинг иқтисодиётни ислоҳ қилиш, хусусан валюта сиёсати ва ташқи савдо операцияларини эркинлаштириш борасидаги чоралари мамлакатдаги умумий бизнес иқлимга, шу билан биргаликда АКТ бозорига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

IDC фикрича, 2017 йилда Ўзбекистон АКТ бозори девальвация ҳамда иқтисодиётнинг давлат ва корпоратив сектори қайта тикланиши шароитида аввал башорат қилинган 4,8 фоиз ўрнига 6,9 фоизга ўсади.

Хизматлар сегментида энг кўп ўсиш қайд этилади — 17,6 фоиз (13,3 фоиз). Бу ўсиш IT-қурилмалар ва дастурий таъминот сегментларида мос равишда 6,1 фоиз (4,1 фоиз) ва 13,6 фоизни (12,4 фоиз) ташкил этади.

IDC ҳисоб-китобларига кўра, ҳукуматнинг ташқи савдо операциялари, валюта режими ҳамда Ўзбекистонда бизнесни юритиш шароитларини эркинлаштириш бўйича барча режалари амалга ошган тақдирда, АКТ бозорининг ўсиш суръатлари ўртача 30 фоиздан зиёдроқни ташкил этади.

IDC таҳминига кўра, беш йилдан сўнг Ўзбекистон АКТ бозори 2016 йил билан таққосланганда 83,5 фоизга ўсади. Бунда қурилмалар сегменти 76,9 фоиз, ДТ — 145,2 фоиз, хизматлар — 171,5 фоиз ўсиши кутилмоқда. Ҳукумат иқтисодиётни рағбатлантириш бўйича қўшимча чоралар қўллаган тақдирда ўсиш суръатлари янада юқори бўлади.