Сешанба куни Ўзбекистон Футбол федерациясининг (ЎФФ) навбатдан ташқари сайлов конференциясида Умид Аҳмаджонов унинг президенти этиб сайланди, дея хабар қилди федерация матбуот хизмати Твиттерда.

Умид Аҳмаджонов — «Пахтакор» футбол клуби вице-президенти, Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти ва Миллий паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари номзоди конференция делегатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. У ЎФФ раҳбари лавозимига Мираброр Усмонов ўрнига сайланди.

Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбари Ачилбай Раматов ЎФФнинг биринчи вице-президенти этиб сайланди.

Яқинда ички ишлар вазири этиб тайинланган Пўлат Бобожонов ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ректори Шоакрам Исроилов федерация вице-президентлари бўлди.