Таниқли актёр Стивен Сигал ўзининг Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида Ўзбекистонга уюштирган сафар бўйича изоҳ қолдирди.

«Мен маданият ва санъат институти талабалари билан учрашиб, мулоқот қурдим. Миллий қадриятлар фестивали ва „Ўзбегим“ китоби тақдимотида иштирок этиб, ушбу ажойиб мамлакат анъаналари билан танишдим» — деб ёзади Стивен Сигал. У, шунингдек Гиннеснинг рекордлар китобига кирган дунёдаги энг катта ошнинг тайёрланишига гувоҳ бўлиб, ундан татиб кўрганини маълум қилди.

«Мен тайёр эдим ва чиқа олар эдим, бироқ чуқур афсусдаманки, менга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ҳолатлар ва вазиятлар сабабли Asian Fight 2017 да қатнаша олмадим», — деб ёзган актёр тафсилотларга тўхталиб ўтмаган.

Стивен Сигал:"Аминманки, яқин вақтлар ичида Ўзбекистонга қайтиб, мухлисларим билан учрашаман ва ушбу ажойиб мамлакат билан яқиндан таниша оламан", — деди.