5 сентябрдан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳмонхона ва жойлаштиришнинг бошқа воситаларига жойлаштириш бўйича хизматлар учун тўловлар фақатгина миллий валютада амалга ошириш бошланди. Тўлов халқаро пластик карталар орқали амалга оширилганда эса истисно тариқасида хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиниши мумкин. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон ҳудудида нақд пулдаги хорижий валюта орқали тўловларни амалга оширишга нисбатан тақиқ Президентнинг 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича дастлабки чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида келтириб ўтилган эди. Эслатиб ўтамиз, 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда доимий яшаш учун рўйхатдан ўтмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳмонхоналарда жойлашиш учун тўловни фақатгина эркин конвертацияланувчи валютада (ЭКВ) амалга оширишлари мумкин.

Бундан ташқари, мамлакат ҳудудида барча тарифлар ва нархлар фақатгина миллий валютада белгиланади. Бироқ меҳмонхона хўжаликларида халқаро карталар орқали тўлашни истаган чет эл фуқаролари учун сўмнинг хорижий валютага нисбатан жорий курсидан келиб чиққан ҳолда ахборот мақсадида калкуляторли таблолардан фойдаланишга ижозат берилди.

сайёҳлик операторларига Ўзбекистон фуқароларидан кейинчалик хориждаги меҳмонхоналар хизматлари учун нақд пулдаги ЭКВда тўловларни қабул қилиш тақиқланди.

Айни пайтда меҳмонхоналарда тўлов 1 АҚШ доллари учун 8100 сўм миқдоридаги миллий валютада амалга оширилмоқда. Йиғим учун янги миқдор Вазирлар Маҳкамасининг 15 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида туризмни янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига ўзгартишлар киритилганидан сўнг маълум қилинади.

Юқоридаги талаблар Ўзбекистон ташқарисидаги хорижий валюталарни пул ўтказиш йўли билан амалга оширувчи меҳмонхона хўжаликлари ва туристик фаолият субъектларига нисбатан қўлланилмайди.

Нархларнинг кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида Давлат туризм қўмитаси сайёҳлик фаолияти субъектларига Ўзбекистон фуқаролари учун сўмда белгиланган амалдаги нархларни сақлаб қолиш, агарда улар АҚШ доллари курсига боғланган бўлса, Президент фармони имзоланган вақтдаги курс даражасида (4210,35 сўм) қайд этишга кўрсатма берди.

Чет эл фуқароларига хизмат кўрсатишда меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситаларида нархларни Марказий банкнинг тўловни амалга оширган кундаги расмий курси бўйича миллий валютада мустақил равишда белгилаш тавсия қилинди.