Президент Шавкат Мирзиёев 4 сентябрда «Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятини тартибга солишга доир чора-тадбирларни давом эттириш тўғрисида"ги қарорини имзолади.

Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz"га берган хабарига кўра, 10 сентябрдан бирламчи шаклдаги полимерлар, каучук, ўсимлик тўқимачилик толалари, қора металлардан тайёрланган баъзи буюмлар, кимёвий маҳсулотлар (ёғоч қатрони, инсектицидлар, металл юзаларига кимёвий усулда ишлов бериш учун ишлатиладиган препаратлар, ёғлаш мойларига қўшиладиган присадкалар ва бошқалар) учун ноль фоизли божхона тўловлари ставкаси жорий этилди. Контакт линзаларини сақлаш учун эритмалар, видеога олиш ва видеони акс эттирувчи ускуналарга божхона божи ставкалари пасайтирилди.

Худди шу санадан бошлаб Ўзбекистонга олиб кирилаётган ПВХ/ПЭТ-плёнкалар, нотўқима материаллар, темир ва легирланмаган пўлатдан тайёрланган симларнинг айрим турлари, видеога олиш ва видеони акс эттириш ускуналари, контакт линзаларини сақлаш учун томчилар ва эритмалар учун акциз солиғи бекор қилинди.

Вазирликдан аниқлик киритилишича, тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун хом ашё ва материалларга божхона тўловларининг пасайтирилиши миллий ишлаб чиқарувчилар учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархининг камайиши ва уларнинг рақобатбардошлигининг ошишига рағбат сифатида хизмат қилиши лозим.