Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни Остонада Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Эрон, Туркия ва Афғонистон президентлари билан учрашувлар ўтказди.

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний билан билан ўтказилган музокараларда иқтисодий ҳамкорлик, транспорт, коммуникация, энергетика, банк, илм-фан соҳаларидаги шерикчилик, шунингдек терроризмга қарши кураш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар қилди Эрон Президенти сайти.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Эроннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиш ҳаракатини (ҳозирда Эрон кузатувчи мақомига эга) қўллаб-қувватлашини, шунингдек ўзаро манфаатли барча соҳаларда алоқаларни кенгайтиришга тайёр эканини маълум қилди. Шавкат Мирзиёев Ҳасан Руҳонийни Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон. Фото: president.uz.

Ўзбекистон раҳбарининг Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан бўлиб ўтган учрашувида икки мамлакатнинг савдо-иқтисодиёт, инвестиция, сайёҳлик ва бошқа соҳалардаги алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Президенти сайти. Эслатиб ўтамиз, октябрда Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи режалаштирилган.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия бир-бирини муҳим ва узоқ муддатли шериклар сифатида кўриши, томонлар ҳамкорликни ўзаро ишонч асосида кенгайтириш ва уни янада юқори даражаларга олиб чиқиш тарафдори эканини қайд этишди.

Шавкат Мирзиёев ва Ашраф Ғани. Фото: president.uz.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан учрашувида мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари сайти.

Икки давлат раҳбарларининг июнда ШҲТ доирасидаги учрашувида эришилган келишувлар асосида икки томонлама ҳамкорликни жадаллаштириш бўйича «Йўл харитаси» қабул қилинган эди. 2017 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 18,5 фоизга ўсди.