Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий-ҳуқуқий комиссияси котиби, Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Мэн Цзяньчжуни «Дўстлик» ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Мукофот мамлакатлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, шунингдек, йирик иқтисодий ва сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун тақдим этилди.

Орден Мэн Цзяньчжуга 9 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти қабули вақтида топширилди. Давлат раҳбари Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли кўп томонлама ҳамкорликнинг жадаллик билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги амалий ҳамкорлик, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги алоқалар истиқболлари муҳокама қилинди. Январь-июль ойларида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард доллардан ошди.