Ўзбекистон Футбол федерацияси Самвел Бабаян миллий терма жамоа бош мураббийлиги вазифасидан озод этилганини маълум қилди.

«Самвел Бабаян ва унинг штаби жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини уддалай олмади. Шу муносабат билан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мураббийлар штаби бутунлай тарқатиб юборилади. Миллий терма жамоаннинг кейинги тақдири ҳақидаги янги маълумот навбатдаги баёнот орқали оммага эълон қилинади», — дейилади маълумотда.

Федерация жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган Эрон ва Корея терма жамоаларини табриклади ва уларга кейинги ўйинларда омад тилади.

«Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Футбол федерацияси жаҳон чемпионати саралаши давомида тўхтовсиз равишда қўллаб-қувватлаганлиги ва миллий терма жамоага доимий равишда далда бериб турганлиги учун миллий терма жамоамиз мухлисларига чексиз миннатдорчилик изҳор қилади», — таъкидланади хабарда.