Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 7 сентябрь куни Human Rights Watch халқаро нодавлат ташкилот делегациясини қабул қилди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати. Муқаддам хабар қилинганидек, Ўзбекистонга HRW нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлим бошлиғи Ҳю Уилямсон ва Марказий Осиё бўйича офис раҳбари Стивен Свердлов таркибидаги делегацияси ташриф буюрди.

Суҳбат чоғида икки томонлама алоқаларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017 2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси чуқур ислоҳотларнинг яхлит дастури сифатида Ўзбекистон ва Human Rights Watch ўртасидаги конструктив ва ўзаро ҳурматга асосланган ҳамкорлик учун янги имкониятларни очиши қайд этилди.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар вакиллари ўзларининг Тошкент шаҳрида ўтказилган кўп сонли давлат ва нодавлат тузилмасидаги учрашувлардан олган таассуротлар тўғрисида сўзлаб беришди.

Суҳбат давомида икки томон алоқаларидаги маълум муддат тўхталишдан сўнг шаклланаётган ҳамкорликнинг кун тартибига доир бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.