Ўзбекистонда айрибошлаш шохобчаларида жисмоний шахслардан паспорт талаб қилмасдан нақд пулдаги хорижий валютани сотиб олиш ҳажми оширилди. Бу ҳақда қатор банклардан «Газета.uz"га маълум қилинди.

Сешанба куни айрибошлаш шохобчаларида янгича тартибда хорижий валютани сотиш олишда паспорт талаб қилинувчи меъёр энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баробари (14977500 сўм ёки давлат курси 8000:1 бўйича 1873 АҚШ доллари) миқдорида белгиланган бўлса, чоршанба куни у ЭКОИҲнинг 500 баробаригача (74887500 сўм ёки 9360 доллар) оширилди.

ФАТФ (ноқонуний пулларни «ювиш"га қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқиш гуруҳи) тавсиясига биноан банклар жумладан нақд пулдаги чакана операциялар миқдори 15 минг доллардан ошган тақдирда мижозларни текшириш учун чораларни амалга ошириши лозим. Ўзбекистонда эндиликда ушбу чегара 9000 доллардан зиёдроқни ташкил этади.

Жисмоний шахсларга ҳозирча конверсион карталар орқали хорижий валютани сотишдаги чегара эса бир чорак учун 5000 доллар этиб белгиланган (аввалги чегара 2000 доллар эди).

2 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев «Валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади. Ушбу фармон билан жисмоний ва юридик шахсларга хорижий валюталарни сотиш ва улардан сотиб олишдаги узоқ йиллик чекловлар бекор қилинди. Валюта курсини белгилашда бозор механизмларидан фойдаланилмоқда.