Сешанба куни Тошкентда ноодатий йўл ҳодисаси содир этилди. Тахминан 17:30 да Мустақиллик ва Оққўрғон (Дархон) кўчалари чорраҳасида оқ рангли Spark автомобили светофорнинг тақиқловчи қизил чироғидан ўтиб кетиб, бошқа автомобилларга шикаст етказган.

Тахминларга кўра ичида тўрт киши бўлган Spark ўғирланган бўлиб чиқди. 4 сентябрь куни эрталаб Facebook ижтимоий тармоғидаги «Водители Ташкента» (Drivers.uz) гуруҳида автомобиль ўғирлангани тўғрисидаги хабар эълон қилинган эди.

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда тарқалган видеодан кўриш мумкинки, Spark автомобилини чорраҳада бир қанча ички ишлар органлари ходимлари тўхтатишга ҳаракат қилган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олишмаган.

Автомобиль машиналар оралаб кетаётган вақтда бир неча бор (энг камида саккиз марта) ўқ овози эшитилган. Кейинроқ ижтимоий тармоқларда атрофи қуршаб олинган ва орқа бампери осилиб қолган, ғилдираклари тешилган ҳолатдаги автомобиль тасвири тарқалди. «Газета.uz"нинг аниқлашича, машина Боткин қабристони яқинида топилди.

Facebook’дан олинган фото.

Ўғриларнинг ушбу ҳаракатлари натижасида чорраҳада бешта автомобиль — Cobalt, Nexia-2 (такси) ва Nexia-3, Volvo ва «Газель» йўналишли такси шикастланган. Соат 21:00 атрофида ҳам улар ҳодиса жойида турар, бу ерда тергов гуруҳи иш олиб бораётган эди.

Кейинроқ Тошкент ИИББ хабарида тезкор тадбир жараёнида автомобилни тўхтатиш ва машина билан пиёдалар ва ҳайдовчиларга зарар етказишга йўл қўймаслик мақсадида қуролдан фойдаланилгани тасдиқланди. Айни пайтда ўғрилар қўлга олингани тўғрисида маълум қилингани йўқ.